Методическая помощь предпринимателям

 Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун иш юритиш ва архив ишини ташкил этиш  бўйича услубий тавсиялар

СЎЗ БОШИ

Мулкдорларнинг ўрта синфини шакллантириш, ички бозорни рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринларини яратиш ва шу асосда аҳоли даромадларини кўпайтириш ва халқ фаровонлигини оширишнинг муҳим омили, мамлакат тараққиёти йўлидаги фаол ҳаракатлантирувчи куч сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган кенг чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш, шунингдек, 2011 йил Ўзбекистон Республикасида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан уларнинг фаолиятида юритиладиган ҳужжатларнинг амалий ва тарихий аҳамиятини кўрсатиш ҳамда тавсиялар бериш мақсадида мазкур тавсиялар ишлаб чиқилди.

    Тавсиялар кўп йиллар давомида фаолият юритиб келаётган, ўз фаолиятида салмоқли ишчи ўринларини ташкил этган ва иш юритишида кўплаб ҳужжатлар шаклланадиган катта тадбиркорлик субъектлари билан бир қаторда, фаолияти 5-10 киши билан чекланган кичик тадбиркорлик субъектларига бирдек тадбиқ этиш учун мўлжалланган.

    Тадбиркорларнинг ўз ишини бошлаш билан боғлиқ масалаларда турли идоралар билан ўзаро ҳужжатлар тайёрланиши, субъектларни ахборот билан таъминлаш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларида уларга консультатив кўмак бериш тизимини янада ривожлантириш, уларга қулай бизнес-муҳит яратиш, хусусий мулкчиликнинг устуворлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонун ҳужжатларини кенг тушунтириш, дастлабки иш юритишдаги мустақил қадамлар тадбиркорликни ишончли кафолатларини таъминлайди.

 I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1. Мазкур тавсия Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 15 июндаги “Архив иши тўғрисида”ги Қонуни, O’zDSt 1157-2008. УСД СОРД. Ҳужжатларни расмийлаштириш талаблари давлат стандарти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги 140-сон, 1999 йил 30 октябрдаги “Архив ишига доир меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 482-сон, 2012 йил 05 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги 101-сон Қарорлари асосида белгиланган тартиблар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилган.

1.2. Ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотлари ва кичик тадбиркорлик субъектларида иш юритиш жараёнида ҳужжатларни тартибга келтириш маълум бир масъул шахсга юклатилади. Мазкур шахс ҳужжатларни тегишлилик жиҳатига кўра хизмат ёки расмий ҳамда шахсий ҳужжатларга, мантиқий жиҳатдан кириш, асослаш, хулоса қисмларига ажрата билиш ва ушбу масалада масъул шахснинг ўз жавобгарлиги белгиланади.

1.3. Фаолиятни тўғри юритиш – иш юритишни тўғри ташкил этиш, ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш, матнларнинг лўнда, равонлиги,  мазмунан  тўлиқ  ва  бир  тилда  ифодаланиши, уларнинг даврийлиги ва тарихий қимматдорлигини эътиборга олган ҳолда тўғри сақланишини ўз ичига олади.

1.4. Субъект иш фаолиятини бошлаган давриданоқ, ташкилот ёки муассасасида вужудга келаётган ҳужжатлар (булар асосан, фаолият буйруқлари ва ҳужжатлари, бухгалтерия ва шахсий таркиб ҳужжатлари, иш юритишга тегишли ва бошқа ҳужжатлар)ни меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга таянган ҳолда талаб даражасида юритилиши учун жавобгар ҳисобланади.

1.5. Cубъектнинг бошқарув тизими (юридик шахс, юридик манзили, таркибий тузилмаси ёки унинг манзили ва бошқа реквизитлар) ўзгарганлиги иш юритиш ва архив иши ҳолатига таъсир этиши субъектив жавобгарликдан озод этмайди.  

1.6. Бирон-бир ташкилот, корхона, муассаса, ёки кичик бир корхонанинг ҳам ҳужжатларсиз иш олиб боришини тасаввур этиб бўлмайди. Иш юритишнинг бевосита асосини ҳужжатлар ташкил этади. Ҳужжатлар кишилик жамиятини узлуксиз тартибга солиб туради ва унинг тарихини яратишда холисона манба сифатида хизмат қилади.

1.7. Республика иқтисодиётини ривожлантириш ва халқ фаровонлигини оширишга  қаратилган тадбирларни акс эттирувчи ҳужжатларни сақлаш, энг муҳими жисмоний шахсларнинг  ижтимоий-ҳуқуқий  мазмундаги  сўровларини  тўлиқ  қондириш  давлат  аҳамиятидаги  долзарб  вазифалардан  бири  ҳисобланади. Бу вазифаларни бажаришда биринчи навбатда иш юритиш жараёнида тайёрланадиган ҳужжатларни талаб даражасида шакллантириш, уларнинг сақлаш муддатларини белгилаб олиш, ҳар бир ҳужжатга масъулият билан ёндашиш жуда муҳимдир. Бунда «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг намунавий  йиғмажилдлари Номенклатураси» асосида иш юритишни ташкил этиш, ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш, матнларнинг лўнда, равонлиги, мазмунан  тўлиқлиги  ва бир тилда ифодалаш, уларнинг даврийлиги  ва  тарихий  қимматдорлигини  эътиборга олган  ҳолда сақлашни ташкил этиш жуда муҳим. Бу борада тегишли давлат архивларининг услубий-амалий кўмакларидан оқилона фойдаланиш ҳамда бошқарув ҳужжатларини расмийлаштиришда «Ўзбек тилида иш юритиш» (Тошкент-1990й.) услубий-қўлланмасидан фойдаланиш асосида саводхонлик малакасини  ошириш  тавсия  қилинади.

1.8. Субъект иш юритишида ҳужжатларнинг йиғмажилдлар номенклатураси асосида шакллантирилиши, расмийлаштирилиши ва тўпланган ҳужжатларни архивга топшириш масаласини ҳал этиш малакали мутахассис маслаҳати асосида ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.

1.9. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, маълум вазиятларда аксарият ташкилотларга оид ҳужжатларни, кўпинча бухгалтерия, ташкилот иш юритиши кабиларга оид ҳужжатларини топишда, улар билан ишлашда айрим муаммолар келиб чиқади. Бунга сабаб мазкур ташкилотда ҳужжатлар билан ишлаш малакасининг етишмаслигидир. Мазкур тавсиялар ташкилот иш юритишидаги айрим масалаларда масъул шахсларга ёрдамчи қўлланма вазифасини ўташи ҳамда керакли йўлланмаларни бериши мақсад қилиб олинган.

II. ҲУЖЖАТЛАР БИЛАН ИШЛАШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

2.1. Иш юритиш  юридик шахснинг ҳужжатлаштириш ва расмий ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш бўйича фаолиятини таъминлаб берувчи жараёндир. Ушбу жараён катта ташкилот ва идораларда аксарият ҳолларда раҳбар ёрдамчисига, ёки мазкур ишлар учун алоҳида шахсга (иш юритувчи) юкланади. Кичик тадбиркорлик субъектларида эса мазкур жараён бўйича бевосита масъул шахсни аниқланганда, кўпинча ушбу иш раҳбарнинг ўзи ёки бухгалтер зиммасида эканлиги маълум бўлади. Ўз-ўзидан бу икки шахснинг иш билан ўта бандлиги натижасида ҳужжатлар эътибордан четда, эгасизлик ҳолатига тушиб қолади.

2.2. Ҳужжатлар тегишлилик жиҳатига кўра хизмат ёки расмий ҳужжатлар ва шахсий таркиб ҳужжатларга ажратилади. Аксарият ҳужжатлар дастлаб қоралама нусхада тайёрланади, бу нусха тузатилиб, қайта кўчирилиши мумкин. Асл нусха ҳар қандай ҳужжатнинг асли, биринчи расмий нусхасидир.

2.3. Ҳужжатлар асосан қуйидаги мантиқий қисмлардан иборат: кириш, асослаш, хулоса.

2.4.  Кириш – ҳужжатни ёзиш учун сабаб бўлган ҳолатни қайд этиш.

2.5. Асослаш – масала ва далил (факт) нинг моҳияти баён қилиш, шунингдек ҳисоб-китоблар келтирилган, қонун ва қоидаларга мурожаат килинган ва бошқа далилларга асосланган мулоҳазалар ва тушунтиришлар бериш. Асослашнинг мақсади хужжат билан танишган кишининг баён қилинган масаладан тўғри ва ишонарли хулоса чиқаришнинг ижобий ҳал қилинишидир.

2.6. Хулоса – маълумотлар асосида якун чиқариш. Хулоса ҳужжатнинг мантиқ жиҳатдан асосий, айрим пайтларда муҳим қисми ҳисобланади.